Asosiy / Yangiliklar / Оилалар тинч, хотиржам ва мустаҳкам бўлсин!
Оилалар тинч, хотиржам ва мустаҳкам бўлсин!
Yangiliklar📅 27 Yanvar 2026👁 68 ko'rishlar

Оилалар тинч, хотиржам ва мустаҳкам бўлсин!

Шу жиҳатдан,бугун “Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институтида амалга оширилаётган лойиҳалар оила, хотин-қизлар ва гендер билан боғлиқ масалаларда алоҳида аҳамият касб этмоқда. “Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институти директори Нодира Эгамбердиева 2025 йилда институт томонидан амалга оширилган лойиҳалар ҳақида қуйидагиларни гапириб берди: 

–      Бугунги шиддатли даврда оила институтини мустаҳкамлаш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва гендер тенглигини таъминлаш масаласига давлат сиёсати даражасида катта эътибор қаратилмоқда. Бу йўналишдаги фармон, қарорлар тизимдаги ишларни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришга хизмат қиляпти. Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, миллий сиёсатимиз марказида турадиган энг эзгу мақсад – оилалар мустаҳкамлигини, аёлларимизнинг ҳуқуқий ҳимояси ва осойишта ҳаётини таъминлашдан иборат. 

“Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институти томонидан мазкур йўналишдаги ишларни илмий-услубий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2025 йилда институт томонидан оилаларга таъсирчан методик, консультатив ва амалий ёрдам кўрсатишнинг самарали тизимини яратиш мақсадида 12 та илмий-тадқиқот лойиҳаси амалга оширилди. Уларнинг натижасида оила институтини мустаҳкамлаш ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш йўналишида 18 та таҳлилий маълумотнома тайёрланди ҳамда фаолиятида фойдаланиш учун мутасадди ташкилотларга тақдим этилди.

2025 йилда институт олимлари томонидан амалга оширилган лойиҳалардан бири “Масъулиятли ота-оналик”дир. Бу шунчаки лойиҳа эмас, бўлажак ота-оналар учун оилага тегишли янги билимлар мажмуи бўлиб, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, оиладаги ижтимоий, маънавий, тарбиявий муҳитни яхшилаш бўйича амалий тавсияларни ўз ичига олган йирик дастур ҳисобланади. Лойиҳа доирасида “Масъулиятли ота-оналик” веб-сайти ишга туширилди. Веб-сайтга 5 та модулдан иборат онлайн ўқув курслари, рақамли кутубхона, психологик тренинглар ва фойдали маслаҳатлар рукнлари ташкил этилди. 

Яна бир лойиҳа талабалар турар жойларидаги талаба-қизлар учун ўқув-информацион платформа (www.marifatqizlar-edu.uz) тест режимида ишга туширилди. Платформада 2 та онлайн курс, сўровнома, юридик ва психологик маслаҳатлар, медиа (расм, иллюстрация, инфографика) ҳамда балл/даражага асосланган “мукофотлар” тизими мавжуд.

2025 йилда оила институтини мустаҳкамлаш ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга доир 61 номдаги услубий материал нашрга тайёрланди. 14 та дастурий маҳсулот ва қўлланмага Адлия вазирлиги ҳузуридаги “Интеллектуал мулк маркази” давлат муассасасидан муаллифлик гувоҳномалари олинди.

Қорақалпоғистон Республикаси, 12 та вилоят ва Тошкент шаҳрида “Китоблар карвони” лойиҳаси амалга оширилди. Лойиҳа доирасида маҳалла хотин-қизлар фаолларига оила институтини мустаҳкамлаш ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга доир 24 номдаги жами 108 минг 800 нусхада услубий материаллар етказиб берилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 21 декабрдаги “Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг фаолиятини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида қўмита тизими ходимлари, шунингдек, маҳалладаги хотин-қизлар фаолларининг малакасини ошириш, уларнинг фаолиятини услубий қўллаб-қувватлашга кўрсатма берилган. Маҳалладаги хотин-қизлар фаолларининг алоҳида дастур асосида малакасини ошириб бориш вазифаси асосан “Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институтига юклатилган. Бу йўналишда тасдиқланган режа-график асосида республиканинг 14 та ҳудуди 71 та туман (шаҳар)ларидаги 3 минг 239 та маҳалладан 1 минг 974 нафар маҳалла хотин-қизлар фаоллари учун 36 соатлик малака ошириш курслари ташкил этилди. 

Оила, хотин-қизлар ва гендер тенглик масалаларига оид халқаро индекс ва рейтингларда Ўзбекистон ўрнини яхшилаш бўйича илмий асосланган таклифларни ишлаб чиқиш ва тегишлилиги бўйича вазирлик ва идораларга киритиб бориш йўналишида ҳам қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, “Гендер рақамли тафовут”, “Аёллар, бизнес ва қонун”, “Глобал гендер тафовут”, “Ижтимоий институтлар ва гендер”, Франциянинг “касбий тенглик” индекси ва “Gender Data Compass” рейтингида Ўзбекистон ўрнини яхшилашга тўсиқ бўлаётган муаммолар аниқланди ҳамда уларнинг ечимига қаратилган 7 та таҳлилий маълумотнома тайёрланиб, тегишли вазирлик ва идораларга тақдим этилди.

Жаҳон банкининг “Аёллар, бизнес ва қонун” индекси (WBL 2026) ҳисоботи лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнида иштирок этилди ҳамда бу борадаги норматив-ҳуқуқий база ва амалиёт чуқур илмий таҳлил қилинди.“Гендер тадқиқотлар” илмий-ўқув лабораторияси ишга туширилди. Лабораторияга замонавий статистик дастурий таъминотлар жорий этилди, махсус маълумотлар базаси шакллантирилди.

2026 йилда ҳам “Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институти томонидан қатор илмий лойиҳалар амалга оширилмоқда. Уларнинг барчаси оилалар мустаҳкамлиги, хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини янада ошириш, оталарнинг оила, фарзанд тарбиясидаги иштирокини янада ошириш, гендер тенгликни таъминлашга қаратилган. 

ЎзА мухбири 

Н.Усмонова ёзиб олди.

Boshqa yangiliklar

Barcha yangiliklar →
📧

Obuna bo'ling

Yangiliklar va e'lonlarni birinchi bo'lib oling

Оилалар тинч, хотиржам ва мустаҳкам бўлсин!